Иккинчи жаҳон уруши давридаги энг катта оммавий қирғин. Фашистлар Бабий Ярда уюштирган қатлиом ҳақида

Иккинчи жаҳон уруши давридаги энг катта оммавий қирғин. Фашистлар Бабий Ярда уюштирган қатлиом ҳақида

30.10.2020 0 Автор Moderator

1941 йил 29 ва 30 сентябрда, яъни икки кун ичида Киевнинг шимоли-ғарбидаги Бабий Яр жарлигида немис фашистлари томонидан 33 771 киши отиб ташланган эди. «Дарё» тинч аҳолининг Иккинчи жаҳон уруши пайтидаги энг катта оммавий қирғинларидан бири тарихи ҳақида ҳикоя қилади.

Инсоният тарихидаги энг катта оммавий қирғин ҳаракатларидан бири

Бабий Яр жарлигида қатл қилинганлар орасида яҳудийлар, совет ҳарбий асирлари, лўлилар, руҳий касалхоналарнинг беморлари ва партизан коммунистлар бор эди. Аммо уларнинг жуда кўп қисми, аниқроғи, 30 минг киши яҳудийлардан иборат эди. Бабий Яр жарлигидаги қирғин инсоният тарихидаги энг катта оммавий қирғин ҳаракатларидан бирига айланди.

Яҳудий ови

Урушгача Киевда 50 мингга яқин яҳудий яшаган эди. СССР ҳудудида ҳарбий ҳаракатлар бошланиши билан кўпчилик шарққа, мамлакатнинг ички қисмига қочди, бошқалари фронтга кетди, шаҳарда қолганларнинг аксарияти эса ўлдирилди. Немислар Киевни эгаллаши биланоқ яҳудийларни ов қилиш бошланди. Уларни кўчаларда, ҳовлиларда ушлаб, калтаклашди. Сентябрь ойининг охирида шаҳар бўйлаб эълонлар жойлаштирилди. Эълонларга кўра, 29 сентябрь куни барча яҳудийлар Мелниковая ва Доктеривская кўчаларининг бурчагига йиғилиши, ўзлари билан ҳужжатлари, қимматбаҳо буюмлари ва иссиқ кийимлар олиб келиши керак эди. Бўйсунмаганлар дарҳол отиб ташланиши таъкидланганди.

Нима учун Бабий Яр?

Немис қўмондонлиги томонидан оммавий қотиллик учун айнан Бабий Ярнинг танланишига келадиган бўлсак, у ерда табиий ариқлар ва жарликлар мавжуд эди. Бу эса жаллодлар учун ишни осонлаштирди, минглаб жасадлар учун қабр қазишларига ҳожат қолмади ва жасадларни осон кўмиб юбориш мумкин деб режа қилинди. Бундан ташқари, бу жой шаҳар марказидан етарлича узоқликда эди: қизиқувчан кўзлардан панада  ва шаҳарга бу ердан ҳеч қандай ўқ овозлари эшитилмасди.

Ўлим корхонаси

Бу шунчаки отиб ўлдириш эмасди. Бу ўлим конвеер лентаси эди. Бир неча соат давомида даҳшат билан бақираётган одамлар бошларининг орқа қисмига кетма-кет ўқ узилди. Фақат биринчи куннинг ўзидаёқ 20 мингдан ортиқ одам отиб ўлдирилди. Бу «ўлим корхонаси»даги ишлар бир нечта гуруҳлар томонидан немисча тартиб-интизом билан бажариларди. Бунда бир гуруҳ немислар қатлни ижро этиш учун масъул бўлса, иккинчи гуруҳ жасадларни тахлаш учун, учинчи гуруҳ қимматбаҳо буюмларни саралаш учун, тўртинчиси эса ўз «навбати»ни кутаётганларни қўриқлаш учун жавобгар эди. Бу гуруҳларнинг умумий номи «айнзац группа» деб аталарди.

Даҳшатли Einsatzgruppen der Sicherheitspolizei

Фашист Германияси қуролли кучлари таркибидаги «айнзац группа»лар айнан ўлим гуруҳлари сифатида яратилди. Босиб олинган ўлкаларда Вермахтга ҳамроҳлик қилган ушбу бўлинмалар ҳудудларни «кераксиз элементлардан тозалаш»да ишлатиларди. Америкалик тарихчи Тимоти Снайдернинг сўзларига кўра, оммавий қатлни ташкил қилиш ва амалга оширишда нафақат СД хавфсизлик хизмати ва СС вакилларини, балки оддий немис полициячилари, шунингдек, фуқаровий идора вакиллари, Вермахтнинг офицерлари ва оддий аскарлари ҳам иштирок этганини англаш жуда муҳимдир.

Маҳаллий коллаборационистлар (немислар томонга ўтган аҳоли вакиллари) ҳам немисларни фаол қўллаб-қувватлади. Украиналик миллатчилар ҳам бу даҳшатли фожиаларда бевосита иштирок этди. Урушдан кейин бўлиб ўтган Нюрнберг судидан кейин халқ тилида «кичик Нюрнберг судлари» деб номланган бир қатор судлар бўлиб ўтди. Улар «айнзац группа»ларнинг фаолиятини алоҳида текширишга бағишланди. Баъзи қуролли бўлинма раҳбарлари ҳарбий жиноятчилар сифатида суд қилинди.

Нюрнбергдаги судда айбдор деб топилган Курт Вернер 1941 йилдаги Бабий Яр қирғини ҳақида гапира туриб, бу ишларни амалга ошириш вақтида немис офицерлари жуда катта психологик муаммоларга учраганлари ҳақида «шикоят» қилди. Балки фашистлар ушбу жаллодларининг нозик асабларини сақлаб қолиш учун одамларни оммавий қирғин қилишнинг оддийроқ ва самаралироқ усулларини қидиргандир, шунинг учун ҳам Освенцимда асфиксия қилувчи кимёвий газлар билан тажрибалар ўтказилгандир.

Тарихчи Тимоти Снайдер таъкидлаганидек, Бабий Яр Учинчи рейх раҳбарияти учун немисларнинг нималарга қодир эканини намойиш этишнинг ўзига хос усули бўлди: улар икки кун ичида Европанинг йирик шаҳарларидан биридаги яҳудий аҳолини деярли бутунлай қириб юборишга муваффақ бўлди. Аслида, немислар томонидан яҳудийларнинг йўқ қилиниши Освенцимнинг газ камераларида бошланмаганди. Фашистлар томониддан 1942 йилда бўлиб ўтган Ванзей конференциясида яҳудийлар масаласини узил-кесил ҳал қилиш йўллари муҳокама қилинаётган пайтда немислар камида ярим миллионга яқин яҳудийни қириб ташлашга улгурган эди.

Баби Ярдаги қирғинлар 30 сентябрдан кейин ҳам давом эттирилди. Қирғинлар энди унчалик катта масштабда бўлмаса-да, доимий равишда – Қизил Армия шаҳарни озод қилгунига қадар амалга оширилди. Баби Ярдан кейин бошқа катта шаҳарларда ҳам яҳудийларнинг қатлиомлари давом этди. Бироқ кейинчалик бу фожиаларнинг барчаси контцентрацион лагерларда содир бўлган даҳшатлар фонида ноҳақ унутилди. Масалан, Одесса ва Ригада содир этилган қатлиомлар, аммо булар энди умуман бошқа ҳикоялар…