Германияда коронавирус сабаб катта тадбирлар йил охиригача тақиқланади

Германияда коронавирус сабаб катта тадбирлар йил охиригача тақиқланади

29.08.2020 0 Автор Moderator

Германия ҳукумати коронавирус пандемиайси туфайли катта тадбирлар, концертлар, фестиваллар ва халқ сайилларини ўтказиш камида 31 декабргача тақиқланиши режалаштирилмоқда. Бу ҳақда «Интерфакс» хабар берган.

Бунда истисно тариқасида касалланиш кўрсаткичи жуда паст бўлган ҳудудларда бу каби тадбирларнинг ўтказилишига рухсат беруилиши мумкин.

Германия канцлери Ангела Меркель мамлакатнинг 16 та федерал ерлари бош вазирлари билан мазкур масалани муҳокама қилган ва яқин орада якуний қарор чиқарилади.

Аввал Берлин маъмурияти яқинлашаётган дам олиш кунларида карантин чекловларининг юмшатилишини талаб қилиб ўтказилаётган намойишларни тақиқлаганди. Мазкур қарор эълон қилинганида, Берлин сенати вакили Андреас Гайзел чекловлар йиғилишлар ўтказиш эркинлигини тақиқлашга қаратилмагани, аксинча инфекциядан ҳимояланиш учун эҳтиёт чораси эканини билдирган. Унинг сўзларига кўра амалдорлар намойишчиларнинг ижтимоий масофаланиш қоидаларига риоя этмаслиги мумкинлигидан хавотирга тушган.

Норозилик намойишларини ташкил қилган фаоллар эса мазкур тақиқ сиёсий аҳамиятга эгалигини айтиб, судда ушбу чекловни бекор қилиш масаласини кўриб чиқиш лозимлигини қайд этган. Улар Берлинда 20 минг нафар атрофидаги оломонни тўплаш ва катта митинг ўтказишни истаётганди.

Берлинда 1 август куни карантиннинг бекор қилинишини талаб қилиб катта намойиш ўтказилган ва унда минглаб аҳоли вакиллари қатнашганди. Тадбир иштирокчилар тиббий ниқоб тақмагани ва бир-бирлари билан 1,5 метр оралиқ масофани сақламагани оқибатида белгиланган муддатдан аввал кучишлатар тизим ходимлари иштирокида тўхтатилган.

Worldometer маълумотлари бўйича 2020 йил 28 август ҳолатига кўра Германияда пандемия бошланганидан бери COVID-19 билан касалланиш бўйича 240 мингдан ҳолат қайд этилган, 9359 нафар одам касаллик асоратлари оқибатдиа вафот этган.

Аввал Тожикистонда Мустақиллик байрами оммавий тадбирларсиз ўтказилиши хабар қилинганди. Ўзбекистонда ҳам Мустақилликнинг 29 йиллик байрами катта йиғин ва сайилларсиз ўтади, байрам оила даврасида нишонланади. Байрам арафасида ўзбекистонликлар кетма-кет 3 кун дам олади.