Шавкат Мирзиёев Мустақиллик байрами муносабати билан 113 нафар маҳкумни афв этди

28.08.2020 0 Автор Moderator

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакат мустақиллигининг 29 йиллигини нишонлаш арафасида «Озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида»ги фармонни имзолади. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Фото: «Дарё»

Фармонга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 93-моддаси 23-бандига асосан содир этган жинояти учун жазони ижро этиш муассасаларида жазо ўтаётган ҳамда қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган 113 нафар фуқаро афв этилди.

Афв этилган шахсларнинг 5 нафари асосий жазодан озод этилди, 53 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинди, 15 нафарининг озодликдан маҳрум этиш жазоси енгилроқ жазо билан алмаштирилди. Шунингдек, 40 нафар шахсга тайинланган озодликдан маҳрум этиш жазосининг муддатлари қисқартирилди.

Афв этилганларнинг 1 нафарини 60 ёшдан ошган эркак, 2 нафарини чет давлат фуқаролари, 105 нафарини тақиқланган ташкилотлар иштирокчилари ташкил этади.

Фармон ижроси юзасидан афв этилган шахсларни оиласи ва яқинлари бағрига қайтариш, ижтимоий ҳаётга мослашиб, фойдали меҳнат билан шуғулланишлари, соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиб, жамиятда муносиб ўрин топишлари учун уларга кўмак бериш бўйича масъул вазирлик ва идораларга тегишли топшириқлар берилди.

Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев Рамазон ҳайити муносабати билан 258 нафар маҳкумни афв этганди.