«Темир дафтар»даги оилаларнинг 16 ёшга етмаган болаларига 500 минг сўмдан моддий ёрдам берилади — президент қарори

«Темир дафтар»даги оилаларнинг 16 ёшга етмаган болаларига 500 минг сўмдан моддий ёрдам берилади — президент қарори

27.08.2020 0 Автор Moderator

Президент «Аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорни имзолади.

Қарорга кўра, 2020 йил сентябрь ойида аҳолининг қуйидаги қатламларига бир марталик моддий ёрдам кўрсатилади:

  • моддий ёрдам ва кўмакка муҳтож оилаларнинг рўйхатларига («темир дафтар») киритилган оилаларнинг 16 ёшга тўлмаган болаларига;
  • боқувчисини йўқотганлик пенсияси ёки нафақасини олувчи оилаларнинг 16 ёшга тўлмаган болаларига;
  • ногиронлиги бўлган 16 ёшга тўлмаган болаларга.

Бир марталик моддий ёрдам миқдори ҳар бир 16 ёшга тўлмаган бола учун 500 минг сўм этиб белгиланмоқда.

Қайд этилишича, моддий ёрдам чоралари билан 810 мингдан зиёд болалар қамраб олинади ва улар учун бюджет маблағлари ҳисобидан 400 миллиард сўмдан ортиқ маблағ сарфланади.

Марказий банк тижорат банклари билан биргаликда моддий ёрдам маблағларини тарқатиш учун нақд пул билан таъминлаш бўйича масъул этиб белгиланган.