Туҳмату бўҳтон уясини таг-туби билан йўқ қилиш лозим

Туҳмату бўҳтон уясини таг-туби билан йўқ қилиш лозим

15.07.2020 0 Автор Moderator

Яқинда eltuz.com сайти бош муҳаррири муаллифлигида гўёки Давлат хавфсизлик хизмати ичида юз бераётган воқеа-ҳодисалар ҳақида ҳақиқатда ақлга сиғмайдиган материаллар эълон қилинди. Ушбу материалларнинг “келиб чиқиши” билан боғлиқ шубҳалар ўз йўлига, аммо улар Ўзбекистон инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамжамияти ҳамда фуқаролик жамияти институтлари учун таҳдидли сигналлар бераётгани билан ҳам ўта хавотирлидир.

Жавобсиз қолаётган саволлар

Мақоламизни бир қарашда мазкур “сиздириш”лар билан боғлиқ бўлмаган бошқа бир воқеа билан бошласак. Кўпчилик анча шов-шувларга сабаб бўлган “Усмон Ҳақназаров” суд ишини унутиб юборган бўлса керак. Ушбу тахаллус ортида Бобомурод Абдуллаев ва яна кимдир яширинган эди. Мен бежизга “яна кимдир” жумалсига урғу бермаяпман. Чунки Ҳақназаровнинг айрим мақолалари ортида ким турганлигини аниқлаш масаласи ўшанда очиқ қолган эди. Газета.ўз сайтида чоп этилган суд жараёнига оид репортаждан иқтибос: “2011 йили Солиҳ ўзининг Туркиядаги уйига китоб муаллифи билан таништириш мақсадида Абдуллаевни таклиф қилади. У ерда Бобомурод Абдуллаев 10—15 кун бўлади. Шундан сўнг “Ўзбекистон халқ ҳаракати” сайтида Усмон Ҳақназаров тахаллуси остида мақолалар чоп этиш бўйича уларнинг ҳамкорлиги бошланади. Абдуллаев айрим маълумотлар асосида мақола ёзишдан бўйин товлагач, томонлар ўртасида низо ҳам келиб чиқади. Ўшанда мақолаларни бошқа муаллифлар ёзади, лекин материаллар “Усмон Ҳақназаров” тахаллуси остида чиқишда давом этади. Масалан, “Саримой фожеасининг ҳақиқатлари”, “Сурия сабоқлари ва “тинчликпарварлар”га жавоблар”, “Ислом Каримов ҳокимиятда умрбод қолишга қарор қилди”, “Ислом Каримовнинг “табиий” ўлимини қандай ташкил этишди”, “О подписантах” шулар жумласидандир. Дарвоқе, охирида тилга олинган “О подписантах” сарлавҳали мақола ҳали ҳам Ўзбекистонда кўзга кўринган инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ва фуқаролик жамияти арбобларига оид туҳмату бўҳтондан иборат памфлет бўлиб қолмоқда. Ҳақиқат ва ўзбекистонликлар ҳуқуқлари ҳимояси учун жон куйдирган инсонлар, яъни сизу биз ушбу материалда “махсус хизматлар малайи” деган туҳмат гирдобида қолдик. Эмишки, биз мухолифат ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари сафига улар томонидан сингдирилган эканмиз. Ўшанда Бобомурод Абдуллаев судда шу ва бошқа памфлетларнинг муаллифи аслида Муҳаммад Солиҳ эканлигини очиқчасига таъкидлаган эди. Солиҳ эса, ўз навбатида, ушбу мақолаларга Абдуллаевнинг алоқаси йўқлигини тан олди. Шу билан ўзининг мақолалар муаллифи эканлигини билвосита тан олди. Аммо шу билан ҳаммаси тинчиб кетди. Кейин нима бўлди? Ўшанда, шунга қарамасдан, инсон ҳуқуқлари фаоли Мўътабар Тожибоева, журналист Галима Бухарбаева ва бошқалар мақола муаллифини узил-кесил аниқлаш ёки камида Солиҳнинг инсон ҳуқуқи фаоллари ва мухолифат вакилларига қарши курашиш борасидаги ташаббусларига жамаотчиликнинг эътиборини қаратишга ҳаракат қилишди. Улар фуқаролик жамиятига нисбатан бундай сотқинликнинг асл манбасини аниқлаб, жазоламасак, келажакда биз бундай “информацион хуружлар” ва ёлғон ахборот тарқатишларга яна дуч келаверамиз, дея ҳақли равишда огоҳлантирган эди. Аммо ўшанда ушбу масала тергов ва суднинг эътиборидан четда қолиб, амалда ҳеч қандай чора кўрилмади. Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларига қарши ўта пасткашликка, ифлосликка ўша заҳотиёқ барҳам берилмади. Мана, оқибати — ўша мавҳум “Усмон Ҳақназаров” янги қиёфада яна қайта туғилди.

“Усмон Ҳақназаров”. Ребрендинг

Ҳа, янглишмадингиз: Қудрат Бобожонов муаллифлигида гўёки ДХХ макр-ҳийлалари ҳақидаги чоп этилган ваҳимали материаллар айнан ўша “Усмон Ҳақназаров” фаолиятининг янги маҳсулидир. Эртакларда бўлгани каби ўшанда учбошли аждарҳонинг бор-йўғи битта боши танидан жудо қилинган эди, унинг ўрнида eltuz.com сайти бош муҳаррири тимсолида янги бир бош ўсиб чиқди, холос. Биз ушбу фикрни нега бунчалик қатъий ишонч билан гапираяпмиз? Авваламбор, сир эмаски, ака-ука Бобожоновлар, жумладан, Қудрат азалдан Муҳаммад Солиҳнинг издоши бўлган. Бобомурод Абдуллаев ҳам шундайлар хилидан эди. Фарқи шундаки, кўр ҳассасини бир марта йўқотади, дейишганидек, Абдуллаев Муҳаммад Солиҳ билан “дўстлик”нинг бадали қимматга тушишини ўз бошидан ўтказиб, бунақа ўйинларда бошқа қатнашмасликка қарор қилди. Қудрат Бобожонов эса ҳалигача Муҳаммад Салайни пиридек кўради, унинг ҳақлиги ва тўғри йўлда эканлигига кўр-кўрона ишонади. Шунинг учун ҳам устози, эшони юборган ҳар қандай материални ўйламасдан, эълон қилмоқда. Иккинчидан, чоп этилаётган материаллар шакл-шамоили, ёзилиши ҳам юқоридаги хулосамиз учун асос бўлади. Бобожонов Давлат хавфсизлик хизматидан аноним манбаларига таянмоқда. Келинг, яна бир марта Бобомурод Абдуллаевнинг суд жараёнидаги кўрсатмаларини ёдга оламиз: Солиҳ ўша пайтдаги Ўзбекистон МХХ, Хавфсизлик кенгаши, Президент девони, ҳукуматнинг юқори лавозимли ходимлари орасидаги ўз манбалари билан мақтанган эди. Қизиғи, мазкур “манбалар” Муҳаммад Солиҳни Ислом Каримовнинг заҳарлаш ортида гўёки амалдаги давлат раҳбари тургани ҳақидаги эртаклар (Ислом Каримовнинг «табиий» ўлимини қандай ташкил этишди) ва Мирзиёев куёвларининг молиявий фирибгарликлари “очиб ташланган” (“Усмон Ҳақназаров: жаноб Лим ким?”) маълумотлар билан таъминлаган. Бобумурод ушбу материалларнинг эълон қилинишига қарши чиқади. Аммо шундай бўлса-да, биринчи мақола “Ўзбекистон халқ ҳаракати” сайтида эълон қилинади, иккинчи мақола эса Абдуллаевнинг ақл-фаросати туфайлигина чоп этилмайди. Чунки у ушбу маълумотлар фақатгина Солиҳнинг тўқима хаёлоти маҳсули эканлигини, “МХХдаги манба”ларнинг бунга ҳеч қанақа алоқасини йўқлигини тушуниб етган эди. Мақолалардаги яна бир ўхшашлик — материалларда илгари сурилган тезислар учун гўёки далил бўладиган, Солиҳнинг тасаввуридаги қаҳрамонларнинг ўзаро ҳамкорлиги механизмларини кўрсатиб берадиган примитив “схема”лардир. Масалан, Бобожоновнинг “ДХХ инқирози. Янги раҳбарият эски назоратини давом эттирмоқда” ва “Усмон Ҳақназаров” муаллифлигидаги “Как организовывали “естественную” смерть Ислама Каримова?” материалида графикаларни қарийб бир-биридан ажратиб бўлмайди. Буни шунчаки тасодифга йўйиш ноўрин бўлса керак. Ва албатта, материалларнинг стилидаги ўхшашликлар ҳақида тўхталиб ўтиш жоиз. Тили, ёзилиши услуби, мантиқий занжирнинг қурилиши, “бизнинг махфий манбаимиз” жумласининг доимий равишда ишлатилиши — буларнинг барчаси “Усмон Ҳақназаров”нинг материалларида ҳам учрар эди. Бугун улар тўлалигича Бобожоновнинг мақолаларига кўчган. Учинчидан, Солиҳ яна “фитналар назарияси”га берилиб кетмоқда. У ўз тасаввуридаги “фитналар назарияси”ни реал воқеликлар билан боғламоқда ҳамда шу йўл билан хаёлотининг маҳсули бўлган сохта фисқу фасодларга ҳақиқат тусини беришга интилаяпти. Бобожоновнинг мақолаларида ҳақиқатда бўлиб ўтган воқеалар (Бу ҳолатда ДХХда Президент раислигида бўлиб ўтган йиғилиш ҳамда хизмат раисининг биринчи ўринбосари Жаҳонгир Эгамовнинг истеъфоси) айсбернинг кўзга ташланадиган қисми экани, улардан кейин келадиган гўёки батафсил маълумотлар, хаёлотдаги воқеалар ривожи эса муз қоясининг кўзга кўринмас жиҳатлари эканлигини уқтирмоқчи бўлади. Шуниси эътиборлики, Солиҳ буларнинг барчасини бошқаларнинг қўли билан қилмоқда. Бу ҳақда кейинроқ батафсил тўхталамиз.

Солиҳ нимадан қўрқмоқда?

Дарвоқе, “Усмон Ҳақназаров” қаламига мансуб материаллар ва Қудрат Бобожонов мақолалари ўртасида битта принципиал фарқ бор. Агар биринчи материаллар Муҳаммад Солиҳ бошчилигидаги Ўзбекистон халқ ҳаракати сайтида чоп қилинган бўлса, сўнгги мақолалар Бобожонов таҳрири остидаги eltuz.com сайтида эълон қилинмоқда. Яъниким, Солиҳ “ахборотларни сиздириш”дан расман бўйин товламоқда. Ҳақли савол туғилади: нега? Гап шундаки, Салай Мадаминовда яна Ўзбекистонга қайтиш умиди пайдо бўлган. Бундан ташқари, у ўз сиёсий фаолиятини қайта тиклаш ҳақида алаҳсирашни бошлаган. Ўтган йили декабрь ойида “Америка овози” радиосига берган интервьюсида Солиҳ Ўзбекистонда 2019 йилги парламент сайловларида иштирок этиш ниятида эканлигини маълум қилди. Бунинг юз бериши амри маҳол бўлса-да, орзуга айб йўқ, деб қўйишимиз мумкин. Шу сабабли ҳам Мадаминов бу гал таваккал қилмоқчи эмас, барча мақолаларни ўз сайтида эълон қилмасдан, бошқалардан фойдаланишга қарор қилган. Солиҳнинг янги умидлари Қудрат Бобожоновнинг муаллифлигида ҳам яққол намоён бўлади. Шуни қайд этиш керакки, аслида ушбу материалларга ўз исм-фамилиясини қўйишга ака-ука Бобожоновларнинг иккаласи ҳам тайёр эди. Биринчидан, бу эшони деймизми, пири деймизми — устозига содиқлик рамзи бўлса, иккинчидан, бугунги кунда ака-ука Бобожоновларнинг Хоразм вилоятидаги анчадан бери ишлатилмаётган, қаровсиз ётган ер участкалари давлат фойдасига мусодара қилинмоқда. Ўзбекистонга келиб, судда ўз ерини ҳимоя қилиш уларнинг қўлидан келмайди. Чунки иккаласи ҳам аллақачон Ўзбекистон фуқаролигидан маҳрум бўлган, собиқ ватанига кела олмайди. Табиийки, ака-укаларда Ўзбекистонга нисбатан нафрат, хусумат ўз чўққисига чиққан. Муҳаммад Солиҳ эса бундан вақтида унумли фойдаланишга қарор қилиб, Қудратга биз тилга олаётган материалларни тақдим эта бошлаган. Аммо нега айнан Қудрат танланган? Гап шундаки, Қудрат аллақачон тақдирга тан берган. У ўз жигари Шуҳратдан фарқли ўлароқ ватанга қайтишдан умидини узган. Кўпчиликка маълумки, Шуҳрат “Озодлик” радиосининг ўзбек хизматида фаолият юритади ва мазкур оммавий ахборот воситасининг Ўзбекистон ҳукумати томонидан аккредитациядан ўтказилишига, шу йўл билан Ўзбекистонга келишга умид билан қарамоқда. Шу сабабли ҳам Қудрат янги “Усмон Ҳақназаров” бўлишига тўғри келган. Солиҳнинг Ўзбекистонга қайтиш умидига тўхталадиган бўлсак, у бу умидни йўққа чиқаришдан жуда ҳам қўрқади. Бунга битта мисолни келтиришнинг ўзи етарли. Шу йилнинг 3 январь куни Ўзбекистон халқ ҳаракати сайтида президентнинг катта куёви “молиявий иштаҳаси” ҳақида материал чоп этилди. Кўп ўтмай ушбу мақола ҳаракат сайтидан ўчириб ташланди. Бугун ушбу мақолани кэшдан ҳам топиб бўлмайди. Кейинчалик ўша мақола “Бирлик”нинг сайтида “Таҳририят почтасидан” рукнида чоп этилди. Демак, Солиҳ ушбу сохта хабарни аввал эълон қилиб, кейин ўзига салбий оқибатлар келтиришини ўйлаб, сайтдан ўчириб ташлаган. Аммо чиқаргиси келиши аниқ! Нима қилиш керак? У ўзининг эски рақиби Абдураҳим Пўлатовни чўв туширишга қарор қилади. Материални аноним равишда унга юборади. Бунақа материалларни кутиб яшайдиган Пўлатов ҳеч нарсани ўйламасдан, мақолани ўз сайтида эълон қилади. Солиҳ жуда оқилона йўлни танлаган, бошқача гап бўлиши мумкин эмас. P.S.: хулоса ўрнида шуни яна бир марта қайд этмоқчиманки, бундай мақолаларнинг оқибати жуда ёмон. Чунки аччиқ тажрибамиз шуни кўрсатдики, Салай Мадаминов ва унинг “Усмон Ҳақназаров”лари махсус хизматлар, ҳукумат ва ҳокимиятнинг бошқа расмий вакилларига нисбатан “компромат”лар чоп этиш билан чегараланиб қолмайди. Эрта-бир кун Солиҳнинг хаёлотидаги туҳмат ва сохта хабарлардан фуқаролик жамиятининг жасур арбоблари, инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ва мустақил журналистларга қаратилиши турган гап. Шу сабабли ҳам бузғунчилик, туҳмат ва фисқи фасод уяси бўлган ҳамда ўзбек инсон ҳуқуқлари ҳаракатининг ёмонотлиқ қиладиган аждарҳони барча бошлари билан йўқ қилиб ташлаш лозим. Нафақат унинг бошини узиш керак, балки уни оловда кунпаякун қилиш керак. Бу, алал-оқибат, Ўзбекистон фуқаролик жамияти, демакки, барчамиз учун ҳаёт-мамот масаласидир.

Шермат Ҳамдамов, мустақил журналист