Ливия парламенти Мисрга мамлакатдаги можарога аралашишга рухсат берди

Ливия парламенти Мисрга мамлакатдаги можарога аралашишга рухсат берди

14.07.2020 0 Автор Moderator

Ливия парламенти — мамлакат шарқидаги Тобрук шаҳрида жойлашган Вакиллар палатаси Миср қуролли кучларига Ливия можаросига аралашишга рухсат берди. «РИА Новости»нинг хабар беришича, бу ҳақда Халифа Хафтар Ливия миллий армияси (ЛМА) билан ҳамкорлик қилувчи қонун чиқарувчи орган сайтидаги баёнотда айтилган.

«Биз икки қардош халқлар, Ливия ва Мисрни босқинчилар устидан ғалаба қозониш ва мамлакатимиз ва минтақамизда умумий хавфсизлик ва барқарорликни сақлаш учун биргаликда ҳаракат қилишга чақирамиз», — дейилади баёнотда. Вакиллар палатаси, Миср томони «икки мамлакат хавфсизлигига таҳдид солаётганини» кўрса, можарога аралашиши лозим, деб ҳисоблайди.

Ливия парламенти, шунингдек, мамлакатга Туркия томонидан аралашув бўлаётгани ва Ливия суверенитети ғарбни назорат қилувчи қуролли гуруҳлар ва улар бўйсунадиган амалдаги ҳокимиятнинг марҳамати билан бузилаётганини билдирди.

Эслатиб ўтамиз, Ливияда узоқ вақтдан бери иккита ижро ҳукумати параллел равишда фаолият кўрсатмоқда: БМТ томонидан тан олинган ва Триполида жойлашган миллий келишув ҳукумати ҳамда Халифа Хафтарнинг Ливия миллий армияси томонидан қўллаб-қувватланувчи мамлакат шарқида жойлашган Абдулла Абдураҳмон ат-Танининг вақтинчалик маҳкамаси. Улар ўртасидаги қарама-қаршилик 2011 йилдан бери давом этиб келмоқда.

2019 йилдан буён Халифа Хафтар кучлари мамлакат пойтахти Триполи устидан ҳукмронликни эгаллашга ҳаракат қилмоқда. Ушбу можарода Миср БАА билан бир қаторда Хафтарни қўллаб-қувватламоқда, Туркия эса миллий келишув ҳукумати томонда бўлиб, Триполи ҳукуматига моддий-техник ёрдам ва ҳарбий мутахассисларни юбормоқда.