Беларусда сайловолди кампанияси бошланганидан буён 700 нафардан зиёд одам ҳибсга олингани маълум қилинди

Беларусда сайловолди кампанияси бошланганидан буён 700 нафардан зиёд одам ҳибсга олингани маълум қилинди

14.07.2020 0 Автор Moderator

Беларусда президентлик сайловлари олдидан амалга оширилаётган кампания вақтида 700 нафардан зиёд одам ҳибсга олинган, уларнинг ҳар бештадан биттаси маъмурий қамоққа тушган. Бу ҳақда мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларига таяниб «Интерфакс» хабар қилди.

«Ҳукумат тинчлик йўли билан блогерлар, сиёсий фаоллар томонидан ўтказилаётган йиғилишларга нисбатан зўравонлик сиёсатини давом эттирмоқда. Мамлакатда сиёсий маҳкумлар сони 24 нафарга етган. Сайловолди кампанияси вақтида ҳибсга олинганлар сони (8 майдан бошлаб) камида 703 нафарни ташкил қилмоқда, шундан 129 нафари маъмурий қамоққа олинган ва 252 нафарига жарима тайинланган», – дейилади «Весна» ҳуқуқни ҳимоя қилиш маркази ва «Беларусский Хельсинкский комитет» баёнотида.

Ҳуқуқ ҳимоячилари ҳукумат томонидан сайловолди кампанияси даврида яратилган шароитлар халқаро стандартлар, жумладан, тенг ҳуқуқлилик принципига асосланган сиёсий рақобат мавжуд бўлган адолатли, демократик сайловларга мос эмаслигини қайд этган.

Бундан ташқари, ҳисоботда президентликка асосий номзод амалдаги давлат раҳбари Александр Лукашенко ижро «вертикали» ресурсини ишлатиб давлат ОАВдан фойдаланган ҳолда сайловолди тарғибот ишларини бошлаб юборгани танқид қилинган.

Аввал Беларусдаги ҳуқуқ ҳимоячилари сайловолди кампаниясида иштирок этиши лозим бўлган фуқаролар «Белгазпромбанк» собиқ раҳбари Виктор Бабарико ва унинг ўғли Эдуардни, блогер Сергей Тихановскийни, уларнинг яна бир қанча тарафкашлари ва блогерларни сиёсий маҳбуслар деб эълон қилганди.