Россиянинг Амур вилоятидаги завод қурилишида ишчилар норозилик уюштирди. Улар орасида ўзбекистонликлар ҳам бўлиши мумкин

Россиянинг Амур вилоятидаги завод қурилишида ишчилар норозилик уюштирди. Улар орасида ўзбекистонликлар ҳам бўлиши мумкин

13.07.2020 0 Автор Moderator

Россиянинг Амур вилоятида газни қайта ишлаш заводи қурилишини амалга ошираётган «Ренессанс Хэви Индастрис» компанияси ишчилари уч ой давомида маош олмаганлиги сабабли исён кўтарди. Ҳолат акс этган видеони Baza тақдим этди.

Каналнинг ёзишича, «Ренессанс Хэви Индастрис» компанияси «Газпром»нинг пудратчиси сифатида Амур вилоятидаги газни қайта ишлаш заводи қурилишида иштирок этмоқда.

Видеода бир гуруҳ ишчилар «Ренессанс Хэви Индастрис» компанияси офиси эшикларни тепиб, техникаларни синдираётгани акс этган. Шунингдек, видеода «Ур, синдир» деган сўзлар эшитилган. Ишчиларнинг сўзларига кўра, улар уч ойдан буён иш ҳақини олмаётгани сабабли мазкур ишга қўл урган.

Норозилик билдираётган ишчиларни тинчлантириш учун махсус топшириқлар бўйича милиция отряди жалб этилган.

Вилоят прокуратураси томонидан маълум қилинишича, ҳолат юзасидан хорижлик ишчиларнинг меҳнат ҳуқуқининг бузилиши бўйича текширув бошланган. Шу билан бирга, тартибсизликни юзага келтирган ишчиларга нисбатан «Безорилик» моддаси билан жиноят иши қўзғатилган.