Аламзада Қудрат Бобожонов кимнинг ноғорасига ўйнаётганини ўзи биладими?

Аламзада Қудрат Бобожонов кимнинг ноғорасига ўйнаётганини ўзи биладими?

13.07.2020 0 Автор Moderator

Рус тилида “Рыбак рыбака видит издалека деган мақол бор. Eltuz.com сайтида гўёки Давлат хавфсизлик хизмати ичкарисида юз бераётган воқеа-ҳодисалар ҳақида “сенсацион” материаллар эълон қилингач, шу мақол хаёлимга келди. Чунки бундай оламшумул маълумотлар эълон қилингач, мазмуни ва Ўзбекистонга муносабати бўйича eltuz.com сайтидан қолишмайдиган қатор сайтлар бу маълумотларни ўзида чоп қилиб, у ҳақда ҳеч қурса ўз манбалари орқали ахборот олишга уринган бўлар эди.

Шунақа хаёлда Ўзбекистонда бир очилиб, бир очилмайдиган сайтларни бирров кўздан кечириб чиқдим. Йўқ, ҳаммаси жим. Шунчаки eltuz.com сайтида қандайдир маълумотлар эълон қилингани ҳақида хабарга ҳам дуч келмадим. Негадир четдаги мухолифат вакиллари шу масалада “оғиз бирлик” қилмаётгани менда шубҳа уйғотди. Бундан қандай хулоса қилиш мумкин? Ё ушбу сайтлар Ўзбекистон ҳукуматидан жуда қўрқади, ё Қудрат Бобожонов муаллифлигида чоп этилаётган материалларга ишонмайди.

Назаримизда, иккинчиси кўпроқ ҳақиқатга яқин. Ҳаммамизга маълумки, бугун дунё журналистикасида “leaked”, яъни “сиздирилган” ахборотлар асосида материаллар тайёрлаш илғор амалиётга айланган. Фақат Қудрат Бобожоновдан фарқли ўлароқ ғарб оммавий ахборот воситалари ҳар қандай сиздирилган “ахборот”ни камида учта бир-биридан мустақил манба орқали тасдиқлатиб, ишонч ҳосил қилгандан сўнггина эълон қилади. Бу очиқ ёки ДХХ матбуот хизмати бўлиши шарт эмас. Журналист ўзи ишонадиган манбаларга мурожаат қилиши ҳам мумкин.

Яна бир масала: халқаро тажрибада бирор-бир муҳим хабарни беришдан аввал унинг жамият учун аҳамияти биринчи ўринга чиқади. Модомики ахборот жамият учун катта аҳамиятга эга экан, уни беришга қарор қилишади, шунда ҳам бу хабарни камида иккита ёки учта мустақил манбага тасдиқлатиб олишади.

Қудрат Бобожонов томонидан гўёки қаламга туширилган “ДХХнинг ҳақиқий юзини очиб ташлаган” материалларнинг бошқа мустақил нашрлар томонидан бир оғиз тилга олинмаслигининг сабаби ўзи шунда. Чунки Қудрат Бобожонов ДХХга оид материалларда жуда кўп маълумотларни, рақамларни, исм ва фамилияларн, лавозимларни ишлатган. Оммавий ахборот воситаси шуларни текшириб кўриши биланоқ мақолалардаги маълумотлар нафақат ҳақиқатдан йироқлигини, балки туҳмат ва тўқималардан иборат материаллиги яққол аёнлашади.

Журналистикада, умуман, ижод аҳли орасида шундай тушунча бор. Журналистга битта факт бўлса бас, уни ўз билганидек йўрғалатади, исталган йўналишга буриб, ўқувчини орқасидан эргаштиради. Аслида бу рақам журналист айтмоқчи бўлган гапга умуман алоқаси йўқ бўлиб чиқади. Масалан, Ўзбекистонда жиноий ишларнинг 97 фоизи очилди, деган маълумотни журналист Ўзбекистонда 3 фоиз жиноят ишлари очилмасдан қолмоқда, деб ёзиши мумкин. Қудрат Бобожонов муаллифлигидаги материалларда ҳам барча билган бир-иккита маълумотлар асосида, дейлик, ДХХда Шавкат Мирзиёев раислигида бўлиб ўтган мажлис ёки ДХХ раиси биринчи ўринбосарининг лавозимдан озод қилинганини турли фитналар, сиёсий ўйинларга боғлашни кўриш мумкин. Яъни ҳар қандай фактни исталган тарафга йўрғалатиш мумкин. Буни, айниқса, совет журналистикасида оз-моз ишлаган одамларнинг аксарияти билса керак. Бу нега бошқа сайтлар eltuz.com сайтида чиққан материални ўз ресурсларида бермади, деган саволга бизнинг биринчи мантиқий жавобимиздир.

Иккинчидан, “Материал Давлат ҳавфсизлик хизмати таркибида ишлайдиган шахсдан келиб тушди” деган жумла бошланадиган барча материаллар тайёр ҳолида Қудрат Бобожоновга тақдим этилган деган хулосага келиш мумкин. Бобожонов материалга гарчи ўз муаллифлигини қўйса-да, ўша информатордан, шартли ДХХ ходимидан қўшимча савол бериб, жавоб олишга қодир эмас. Чунки бундай “кучли информатор” билан ишлайдиган журналистлар одатда керакли саволни қайта-қайта бериб, аниқлаштиришга, ҳеч қурса, ўша информаторнинг ДХХ тизимида ишлаши ёки ишламаслигини аниқлаштириб олишга ҳаракат қилади. На манбага ишонадиган, на манба билан мулоқоти бўлган Қудрат Бобожонов, табиийки, атрофида ўзига ўхшаган “ҳақиқатпарвар журналистлар”ни ҳам “информатор” борлигига ишонтира олмайди. Журналистика деталлар асосига қурилади, деталнинг катта ёки кичиги бўлмайди. Агар Қудрат Бобожонов информатор билан бевосита ёки электрон почта орқали мулоқот қилганида (савол берганида ва жавоб олганида) атрофдагиларини тарқатаётган маълумотлари тўғрилигига ишонтира олган бўлар эди.

Қудрат Бобожоновнинг укаси Шуҳрат Бобожонов “Озодлик” радиостанциясида ишлайди, буни ҳамма билади. Қолаверса, Бобожоновлар океан ортида, Туркияда ва бошқа давлатларда қўним топган мухолифат вакиллари билан ҳам опоқ-чопоқ бўлиб кетган. Лекин мухолифат вакилларининг бирортаси eltuz.com сайти маълумотларини ўз ресурсида босмади. Демак, кимдир (бу аниқ ДХХ ходими эмас) Ўзбекистон сиёсий ва хавфсизлик элитаси ўртасида ихтилоф уйғотиш, мамлакатда кечаётган сўнгги ўзгаришларга нисбатан шубҳани кучайтиришга ҳаракат қилаяпти. У тўрт-бешта фамилияни билади, шу фамилиялар асосида тўқима “санъати”дан фойдаланган ҳолда фантастик мақолаларни ишлаб чиқаришда давом этмоқда. Материалларнинг ёзилиши, мантиқий қурилиши ўша “кимдир” бундай бўҳтонларни ёзишда анча тажрибали одамлиги аёнлашади.

Ўқувчиларимиз сўраши мумкин: ўша “кимдир” нега Қудрат Бобожоновни танлашган?

Маълумки, ака-ука Бобожоновлар Ўзбекистондан чиқиб кетганига анча бўлган. Уларнинг ватани — Хоразм вилоятидаги участкаси неча йиллардан бери қаровсиз ётибди. Қолаверса, улар аллақачон Ўзбекистон фуқаролигидан ўзини мосуво қилган. Шу сабабли ҳам уларнинг участкасини давлат фойдасига мусодара қилиниши ҳақида гап-сўзлар юрибди.

Ўзбекистонда янгиланган ҳокимият Бобожонов сингари нонкўрларни, ватан хоинларини ҳам кечиради, деб ўйлаган Қудрат ота ҳовлисидан ҳам ажраб қолаётганини эшитиб, шубҳасиз, аламзада бўлиб қолди. Ҳар икки материалида Ўзбекистон ҳукуматини танқид қилишга ўтди, танқид қилганда ҳам асосли танқидлар эмас, Ўзбекистондаги расмий ахборот агентликлари бўладими, мустақил интернет нашрлари бўладими, барчасида чиққан маълумотларни шубҳага солиб, Kun.uz, Gazeta.uz сайтларини ҳукуматпарастликда айблашга ўтди. Аламзада одамни ҳар мақомда йўрғалатиш мумкин. Олимларнинг ўрганишича, террористлар сафига қўшиб қолаётганларнинг аксариятида ҳам диний саводсизлик эмас, балки аламзадалик асосий ўринда турар экан. Ва табиийки, қайсидир ғаразли кучлар Қудрат Бобожоновни ўз ноғорасида ўйнатишга уриниб кўради ва биринчи ўринишидаёқ кўзлаган мақсадига эришади.

Албатта, вақт олий ҳакам. Вақти келиб, бу материаллар аслида кимнинг қаламига мансублиги аён бўлади. Бугун бўлмаса эртага, эртага бўлмаса келаси ой. Узоқ кутишга ҳожат қолмайди, лекин ўшанда Қудрат Бобожонов ўз аламзадалиги сифатида бебурд бир касга айланиб қолмаса бўлди.

Усмонхон Носиров мустақил журналист