Қурилиш вазирлиги пудрат ташкилотларининг янги рейтинг тизими ҳақида маълумот берди

Қурилиш вазирлиги пудрат ташкилотларининг янги рейтинг тизими ҳақида маълумот берди

28.06.2020 0 Автор Moderator

Қурилиш вазирлиги мутахассиси Алижон Алимуҳаммедов қурилиш-пудрат ташкилотларининг янги электрон рейтинги ҳақида маълумот берди. Бу ҳақда у вазирликнинг янги лойиҳаларга бағишланган тадбирида тақдимот қилган, дея хабар берди «Дарё» мухбири.

Қурилиш ишлари ҳажмлари ва объектлари бўйича табақалаштириладиган рейтинг тизими пудрат ташкилотлари даражаси, бозорини кўтариш ва ривожлантириш воситаси бўлиб хизмат қилиши белгиланган. Мутахассис томонидан мукаммал аналитика тизими сифатида эътироф этилган рейтинг биринчи босқичда 30 та (2020 йил июндан), иккинчи босқичда 64 та (2021 йилдан) кўрсаткич асосида 6 та критерийга қараб, чиққан натижада пудрат ташкилотининг ҳолатидан келиб чиқиб балл беради. Яъни қандай ишлар бажарган, қанча ишчиси бор, уларнинг неча нафари сертификатланган мутахассислар экани, қанча техникаси борлиги ва бажарган ишларининг сифати каби тамойиллар асосида пудратчи танланади.

Тизимдаги баҳо биринчи босқич тендер ҳужжатлаштиришининг квалификацион-техник пакетиданоқ пудратчига рад жавобининг берилишига имконият яратиш орқали жараённи соддалаштиради. Натижада тендерлар тезлашади ва бир босқичли тендер шаклида кечади. Яъни фақатгина битта тижорий пакет бўлади.

Янги тендер тизими вақтни 2 баравар, амалиётларни 1/3, ҳужжатларни 14 тадан 6 тага қисқартиради. Ҳафтада 7 кун 24 соат онлайн тарзда кириш мумкин. Тизим оферентларга ўзларидаги энг яхши нархни белгилашни тақозо этади.

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Ҳужжатларни текширишда тендер комиссияси баҳолаш вақтида турлича баҳо чиқаришади, у баллар эса ўртачасини олган ҳолда қўйилади. Лекин математика бундай ишламайди, ҳаммамиз биламиз, иккига иккини қўшса тўрт, беш ҳам уч ҳам бўлиши мумкин эмас. Шундай ҳолатларда ўртача баҳо мисолдаги каби тўрт эмас, уч ёки беш чиқиб қолган. Бунда тендер комиссиясининг дисквалификация қилиш ваколати бўлган ҳолда ҳужжатларни текшириб, мувофиқ эмаслигини белгилаб, ҳаққоний ёки ҳаққоний эмас, деб топилиб чиқариб юборган ҳолатлари бўлади. Мана шундай вазиятларда биз рейтинг орқали инсон омилини бартараф қилишга эришяпмиз.

Қурилиш вазирлиги мутахассиси Алижон Алимуҳаммедов

Тизим максимал даражада самарали нархни аниқлаштириш имконини бериши қайд этилди. Чунки рейтинг туфайли пудратчилар ҳужжатлаштиришнинг биринчи квалификацион-техник пакетиданоқ ўйин бўлмаслиги ва ўз балларини таклифи билан ўзига бирор устунлик ёки рақобатбардошликдаги устунликни олиб чиқиб кета олишини баҳолай олган ҳолда қанчалик паст нархда бериш имкони бўлса, шунча паст нархда беради. Айни дамда мазкур тизим ишламаётгани таъкидланди.

Мавзуга доир: Қурилиш соҳасида АКТни ривожлантириш маркази тузилмаси тасдиқланди

Янги рейтинг тизимида эса барча босқичларда ҳар бир қадам шаффофликни таъминлаган ҳолда рўйхатдан ўтказилиб, текширилиб борилади. Юқоридаги ҳеч бир муаммо айни тизимда бўлмаслиги айтилди. Мониторинг, текширувлардаги соддалик, бюрократик тўсиқларнинг йўқ қилиниши, иштирокчиларга тенг муносабат, онлайн тартибда инсон омили олиб ташланади.

Тендер тартибининг таркибидан фақатгина буюртмачи, оферент ва тендер комиссияси жой олади. Буюртмачи ҳамда комиссия ваколатлари қисқарган ҳолда оферент қулай тартибда ишлайди. Йиғилиш фақат иккинчи, яъни тижорат пакети бўйича ташкил этилади, ҳужжатлаштириш жараёнида атиги 6 та ҳужжат топширилади. Биринчи пакет ўрнида рейтинг тизими балл беради, шу билан биринчи пакетдаги 2 та банд тижорий пакетга ўтказилади.

Рейтинг тизимидаги олган баҳоларига қараб пудратчи ташкилотлар А,B,C,D,E ишончлилик синфларига бўлиб чиқилади. Рейтинг Давлат солиқ қўмитаси, Давлат статистика қўмитаси, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Қурилиш вазирлигининг тизимидаги маълумотларига асосан шакллантирилади.

Скриншот: Қурилиш вазирлиги

Ғолибни аниқлашда тизим автоматик тарзда пудрат ташкилотларининг миллий рейтингидан ва тижорий таклифдан балларни олади. Умумий балл тендер комиссияси баҳоларининг вазн улуши асосида аниқланади. Баллар суммалаштирилади ва энг юқори балл олган оферент ғолиб, деб топилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда 1 июлдан лойиҳа-қидирув, 1 сентябрдан эса қурилиш-пудрат ташкилотларининг электрон рейтинги жорий этилиши маълум қилинган эди.

Мавзуга доир: