Самарқандда ўқитувчиларни ҳожатхона таъмирлашга мажбур қилган ХТБ мудири ишдан олинди

09.06.2020 0 Автор Moderator

Халқ таълими вазирлиги ўқитувчиларни ҳожатхона таъмирлашга мажбур қилган Нарпай тумани ХТБ мудири Мирзоҳид Йўлдошев билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилди, дея хабар берди «Дарё» мухбири Фарҳод Норбўтаев.

Фото: Отабек Ортиқов

Туман ХТБ мудири билан тузилган меҳнат шартномаси Меҳнат кодексининг 97-моддаси 1-банди (Тарафларнинг келишувига кўра меҳнат шартномасини бекор қилиш асослари)га биноан 2020 йил 8 июндан бекор қилинган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ туманда рўзадор ўқитувчилар ҳожатхона тозалашга жалб қилингани айтилиб, таъмир ишлари қандай кетаётганини аниқлаш мақсадида ҳоким ўринбосари Асқар Рустамов бошчилигида ХТБ мудири Мирзоҳид Йўлдошев, туман касаба уюшмаси раҳбари Муҳаммад Жумаевлардан иборат гуруҳ ҳар куни мактабларга бориб, ҳожатхона таъмирини кўздан кечираётгани маълум қилинганди. Шунингдек, 2020 йил 22 май куни тасвирга олинган видеода ушбу гуруҳ тумандаги 32-мактабга боргани, ХТБ мудири Мирзоҳид Йўлдошев таъмирдан кўнгли тўлмай, мактаб директорини турткилагани акс этганди.

Самарқанд вилоят бандлик бош бошқармаси давлат меҳнат инспекцияси олиб борган ўрганиш давомида мудир Мирзоҳид Йўлдошев 32-мактаб директори Жўрақул Холмуродов ва 33-мактаб директори Зуҳра Даминовани таъмир якунига етмаса, ишдан бўшатиш билан қўрқитгани аниқланди.

Шунингдек, тумандаги 1, 10, 12 ва 22-мактаб директорлари Т.Саъдинов, Б.Отақулова, М.Очилова, Э.Болтаевлар ҳам мудирнинг ноқонуний талаби ҳақида маълум қилган.

Ушбу ҳолат юзасидан тўпланган ҳужжатларга кўра, мудир 11 миллион 150 минг сўм миқдорида жаримага тортилганди.