АҚШда ишга қайтиш истагини билдирганларга қўшимча рағбатлантириш пули тўлаш бошланди

АҚШда ишга қайтиш истагини билдирганларга қўшимча рағбатлантириш пули тўлаш бошланди

09.06.2020 0 Автор Moderator

АҚШнинг Айдахо штати ҳукумати ишга қайтишга розилик берадиган ишсизларга қўшимча рағбатлантириш пули тўлайди. Шу тариқа штат ишсизлик нафақасини олаётган фуқароларнинг иш ўринларига қайтаришига умид қилмоқда. Бу ҳақда Fortune хабар берди.

Ишга чиққан ҳар бир кишига штат бюджетидан 1500 доллардан тўланади. Тўлиқ бўлмаган иш кунида ишлашга рози бўлганлар эса 750 доллардан олиши мумкин.

Айдахода ишга чиққанлик учун тўланадиган бонус ишсизлик нафақасидан кўпроқ ҳисобланади. Штат раҳбарияти мазкур бонус ишсизлик даражасини пасайтиришига ва иқтисодиётни тиклашига умид билдирмоқда. Бироқ кимдир ишлашни хоҳламаса, ишсизлик нафақасини олишда давом этади.

Ишсизларга тўланадиган бонус учун бюджетдан 100 миллион доллар ажратиш режалаштирилмоқда. Бу иқтисодиётни пандемия оқибатларидан қутқариш учун штат томонидан федерал марказдан олинган ёрдамнинг бир қисми ҳисобланади.

Пандемия ва у билан боғлиқ чекловлар даврида Айдахода ишсизлик даражаси 11,5 фоизга етган, айни пайтда штатда 100 минг нафардан ортиқ ишсиз мавжуд.

Аввалроқ коронавирус пандемияси даврида Ўзбекистонда ишсизлар сони 2 миллионга яқинлашгани маълум қилинганди. Мамлакатда 2020 йилнинг биринчи чорагида ишсизлик даражаси 9,4 фоизни ташкил қилди.