Сергелида тўхтаб қолган метро йўналиши ўрнига вақтинчалик бепул автобуслар ҳаракати йўлга қўйилди

Сергелида тўхтаб қолган метро йўналиши ўрнига вақтинчалик бепул автобуслар ҳаракати йўлга қўйилди

08.04.2021 0 Автор Moderator

Тошкентда 8 апрель куни Сергели ерусти метросида поезд ярим йўлда тўхтаб қолиб, йўловчилар темир йўл бўйлаб пиёда юришга мажбур бўлгани ҳақида хабар берилган эди.

«Тошшаҳартранс» матбуот хизматининг маълум қилишича, Тошкент метрополитенининг Чилонзор йўналиши Сергели қисмида техник носозлик келиб чиққанлиги туфайли метрополитен ҳаракати вақтинчалик тўхтатилганлиги муносабати билан, метрополитеннинг Олмазор станциясидан Қипчоқ станциясигача бўлган оралиқда вақтинчалик автобус йўналиши ҳаракати йўлга қўйилди.

Ушбу йўналишда 4-, 7-, ва 12-автобус саройлари томонидан вақтинчалик автобуслар хизмат кўрсатмоқда. Йўловчилар мазкур вақтинчалик ташкил этилган йўналишдан бепул фойдаланишлари мумкин бўлади.

«Халқ сўзи online» маълумотларига кўра, йўловчиларга мазкур йўналишда ҳаракат қачон тикланиши ҳақида маълумот берилмаган ва уларга автобусларга чиқишга кўрсатма берилмоқда.

Айни вақтда «Тошкент метрополитени» УК раҳбарияти воқеа жойида вазиятнинг сабабларини аниқламоқда. Тошкент метрополитенининг Чилонзор йўналиши («Олмазор» — «Буюк Ипак Йўли») штат режимида ишламоқда.

Аввалроқ «Олмазор» ерости метро бекатидан Сергели йўналишининг «Чоштепа» ерусти метро бекати томон ҳаракатланиб кетаётган 4 вагонли таркиб тўхтаб қолган ва натижада шу йўналишда ҳаракатланиб келаётган навбатдаги таркиб тўхтаб турган вагонга бориб урилгани тўғрисида хабар берилганди.