Оримизни синдирманг…

Оримизни синдирманг…

05.04.2018 0 Автор admin

Бир танишимнинг “Баҳор келса, гуллар ва қизлар очилади”, деган беўхшов ҳазили бор. Аммо шу ҳазилнинг тагида зил борлигини тан олмасдан бошқа иложимиз йўқ. Мана, кунлар исий бошлаётган бир пайтда яна кўнглимизда қизлар либосларининг “қора пиар”и бошланиб қолади, деган ҳадик бор. Сабаби сир эмас: ёз бўйи кўплаб ижтимоий тармоқларнинг суҳбат (ғийбат демадик!) мавзуси қизлар, қизлар ва яна қизлар (онда-сонда аёллар ҳам) ва уларнинг кийиниши бўлиб қолади. Шу боис ҳали “старт” берилмай туриб, “финиш” тугмасини босгим келяпти: “Азиз ва муҳтарама хотин-қизлар, сиз ҳамиша гўзалсиз! Узун кўйлак кийсангиз ҳам, қора сочда юрсангиз ҳам. Илтимос, кўйлагингизни этагию енгидан мосуво қилманг. Тундай қаро сочингизга раҳм қилиб, бечорани сарғайтирманг”.

Бу гапларни ўқиб, барибир, энсасини қотирадиган “модница”лар бор. Шуларга айтадиганим: Президентимиз Туркманистонга сафар қилганларида ойнаи жаҳон орқали шу халқ аёллари ҳақида ҳам кўп ва хўп маълумотларга эга бўлдик. Шунда раҳматли Охунжон Мадалиевнинг орзусини тушундик: “Узун кўйлак туркман қизга уйланаман”. Чиндан ҳам, туркман аёллари 21-асрда ҳа, ҳа, сиз айтаётган замонавий асрда узун этакли кўйлаку пешонадан боғланган рўмолдан ор қилишмас экан? Эҳ, бирам ярашиб турибдики, ич-ичимдан бир тўфон қўзғалиб келаверди: “Бизнинг қизлар шундаймиди?”. Мустабид тузумнинг асорати десак, бир бизмизми бу тузумда яшаган? Йўқ, сабабларини мен айтмасам ҳам ўзингиз билиб турибсиз. Аммо энди тўхташ керак! Ўйлаш керак! Ечиниш эмас, кийиниш керак! (Маъзур тутинг, бироз ошириб юбордим чоғи).

Энди Туркманистондан қайтиб, Тожикистонга қаранг. Яқинда KUN.UZ таҳририяти мухбирлари сафарга бориб, шу давлатнинг қоқ юраги бўлган Душанбе шаҳрида яшаётган қизлар билан ҳам суҳбатлашишган ва уларнинг айрим суратлари сайтда эълон қилинди. Хўш, кўрдингизми уларни? Нима дейсиз? Кечирасизу, уларнинг ҳеч бири “айбғина”сини яшириш учун кенг кўйлаку, румол ўрашмаганига аминман. Бу ерда уят, ҳаё ва ахлоқ қоидалари борасида ўйлаш муҳим.

Шу ўринда кўз олдимда содир бўлган бир воқеа эсимга тушди. Ўшанда биз у хонадонда меҳмон эдик. Оиланинг бўй етган қизи шоша-пиша ўқишга жўнаётган эди: эгнида тикувчи енг тикишни унутган кўйлак. Шунда отанинг қизига бир нигоҳи тушдию, кўзини ерга тикди ва қаҳр билан ўғлига юзланди: “Ўғлим, синглинг шу аҳволда кўчага чиқаяптию, сен телефон ўйнаб ўтирибсанми?” Ҳали синглисининг кийимига қарамаган ака унга бир кўз ташладию, отасига жавоб берди: “Ота, сиз ҳам тушунинг-да, ҳозир замонавий қизларнинг ҳаммаси шундай кийинади. Гап кийимда эмас, кўнгилда ота. Тўғри юрса, бўлди-да”. Шунда ота ўғлининг қулоқ-чаккасига шапалоқ туширди. Ўғил ҳайрон бўлиб, сакраб ўрнидан турдию, отасининг маломатлари остида қолди…

Хўш, сиз нима деб ўйлайсиз: нега ота қизига эмас, ўғлига танбеҳ берди? Биринчидан, халқимизда ота қизини урса, у бахтсиз бўлади, деган гап бор. Иккинчидан, бу қаҳр ва ғазаб билан аёлга қўл кўтарган одам жиноятчига айланиши шубҳасиз. Шу боис ҳам ота алпкелбат ўғлининг юрагида масъулият, ор-номус туйғусини ўстирмоқчи бўлгандир. Яна Худо билгувчи.

Муҳими, бир ҳақиқат борки, бизда азалдан акаси бор қизлар ярим-яланғоч юришмаган. Аммо яна бир ҳақиқат борки, инсофни ўзига бермаса, қийин дейишади. Хуллас, сингилжонлар, опажонлар, ор-номусимиз, шаънимиз сизсиз. Илтимосимиз, оримизни синдирманг. Шу ёзда узун кўйлаку рўмолни бир урфга айлантириб ташланг! Кўриб кўзимиз қувнасин, дилимиз яйрасин. Жаҳон майдонида ҳам замонавий ўзбек қизларининг ғарбона эмас, шарқона қиёфаси кўриниб турсин. Аминманки, сиз буни эплайсиз. Замонанинг урфи сизнинг қўлингизда. Фақат акангиз ё отангиз борлиги унутмасангиз бўлди.